Биткоин курси, қисқа муддатли «шўнғиш»дан сўнг, яна ўса бошлади, дея хабар бермоқда «Коммерсантъ».
Coinmarketcap порталининг Тошкент вақти билан 19:30 даги маълумотларига кўра, биткоин қиймати 11 461 долларни ташкил этмоқда. CoinDesk сайти эса криптовалюта қийматини 11 402 долар этиб кўрсатган.
Февраль ойи бошида биткоин курси сезиларли — 6 минг долларгача пасайиб кетган эди. Бунга Жанубий Корея, Хитой ва Ҳиндистон сингари мамлакатлар криптовалюталарга нисбатан талабларни кучайтиргани сабаб бўлди.
Февраль охирида биткоин яна 11 минг доллардан ошди, бироқ март ойи бошида такрорий пасайиш кузатилди. Бу сафарги «шўнғиш»га АҚШнинг Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси криптовалюта бозорини ўрганишга киришгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлди.