Президентнинг «Олий таълим муассасалари педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори аҳоли, айниқса, ўрта махсус маълумотли кадрларнинг олий маълумотли бўлишида муҳим имконият яратди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Навоий вилояти Нурота тумани Чуя қишлоғида яшовчи фуқаро Ф.Т. Навоий педагогика коллежида таҳсил олиб, 2000 йилдан 2015 йил ноябрига қадар қишлоқ мактабларидан бирида дарс беради.2015 йил ноябрида эса у молиявий шароитини яхшилаш мақсадида хорижга ишга кетиб, мактаб директорининг ўша йил 25 ноябрдаги буйруғи билан ишдан бўшатилади.
Орадан бир йил ўтгач, у хориждан қайтади. Айни ўша дамларда мамлакат раҳбарининг юқорида номи зикр этилган қарори эълон қилинади ва Ф.Т. буни ўзи учун имконият деб қабул қилади. Аммо, қарор асосида махсус сиртқи бўлимга фақат айни пайтда педагогик фаолият билан шуғулланаётган шахсларгина қабул қилиниши белгилаб қўйилган эди.
Ф.Т. мактаб директорига мурожаат қилади. Уларнинг ўзаро тил бириктириши натижасида муассаса раҳбари томонидан Ф.Т. мактабда ўқитувчи вазифасида ишлаб келаётгани тўғрисида қалбаки тавсиянома ва хат тайёрланиб, Навоий давлат педагогика институтига юборилади. Афсуски, мазкур ҳолатга туман халқ таълими бўлимининг педагог кадрлар ҳужжатларини қабул қилиш ва ўрганиш бўйича махсус комиссияси ҳам эътиборсизлик қилади.
Ф.Т. Навоий давлат педагогика институтининг махсус сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилинади. Бироқ, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида мазкур қинғирликлар фош этилиб, мактаб директорига нисбатан Жиноят кодексининг 209-моддаси 1-қисми ва Ф.Т.га нисбатан шу кодекснинг 28, 209-моддаси 1- қисми билан жиноят иши қўзғатилади.
Тергов жараёнида уларнинг жиноий ҳаракатлари рад этиб бўлмайдиган далил ва ашёлар билан ўз исботини топди. Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Нурота тумани судининг туман халқ таълими бўлими биносида бўлиб ўтган очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
Суд мазкур жиноят иши бўйича ҳукм чиқаришда Жиноят кодекси 10-, 65-, 66-, 70-, 71-моддалари талабларидан келиб чиқиб ҳамда судланувчиларнинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани ва қилмишидан чин дилдан пушаймонлигини, халқ таълими бўлимининг унга ишонч билдириб, келгусида бундай ҳолат такрорланмаслиги борасидаги баёноти ва «Чуя» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг сайёр суд мажлисида уларни кафилликка олиш ҳақида тақдим этган илтимосномасини инобатга олди.
Суд ҳар иккала судланувчини ҳам жазодан озод қилди.
Изоҳ (0)