Тожикистон Ўзбекистонга асосан хом ашё товарлари ўрин олган экспорт маҳсулотлари рўйхатини тақдим этди. Бу ҳақда мамлакат саноат ва янги технологиялар вазири Шавкат Бобозода маълум қилди, дея хабар беради Asia-Plus.
«Ҳозирда саноат ҳамкорлиги бўйича икки давлат ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Унинг иши доирасида экспортга йўналтирилган саноат маҳсулотларимиз рўйхатини тайёрладик ва ҳамкорларимизга таклиф этдик», — дейди Шавкат Бобозода.
Вазирга кўра, рўйхатга бирламчи алюминий, руда, пахта толаси, электр энергияси, цемент, қайта ишланмаган тери, пилла, ипак, гиламлар, турли матолар, мева ва қуруқ мевалар, ичимликлар киритилган.
Бобозода ўтган йили тожик маҳсулотларининг Ўзбекистонга экспорти ўзбек маҳсулотларининг Тожикистонга импорти билан деярли тенг миқдорда бўлганини билдирди.
Расмий статистик маълумотларга кўра, 2017 йилда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 82 фоизга ошиб, 126 миллион долларга етди.
Бундан 69 миллион доллари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг Тожикистонга экспорти, 57 миллион доллари эса Тожикистонда тайёрланган маҳсулотларнинг Ўзбекистонга экспорти ҳиссасига тўғри келди.
Изоҳ (0)