Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган Thai International Travel Fair халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ушбу кўргазма кўлами ва иштирокчилар сони бўйича дунёдаги йирик халқаро сайёҳлик анжуманларидан бири ҳисобланади. Бу йил унга 1200 дан ортиқ илғор фирма ва компаниялар вакиллари, 400 мингдан ортиқ одам ташриф буюрди.
TITF – 18 кўргазма мажмуасида ўтказилган анжуманда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ҳамда мамлакатдаги қатор сайёҳлик компаниялари ўз хизматларини намойиш этди. Ярмарка иштирокчилари Ўзбекистонда туризм соҳасида яратилган имкониятлар, таклиф этилаётган хизматлар, Ўзбекистон ва жаҳон бўйлаб авиақатновлар кўлами фаолиятига оид кўплаб маълумотлар билан танишди.
Халқаро анжуманда Ўзбекистоннинг сайёҳлик брендини оммалаштириш, туристик хизматларини жаҳон бозорларига чиқариш мақсадида «Ўзбекистон ҳақида нималарни биласиз?» деган ном билан ўтказилган танлов қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. Танловнинг икки нафар фаол иштирокчиси Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имконини берадиган Бангкок – Ўзбекистон – Бангкок йўналиши бўйича парвоз чипталарини қўлга киритди.
Изоҳ (0)