Корея Республикаси ҳукумати мамлакатга қочиб кирган КХДР фуқароларини сўроқ қилишнинг қонун билан белгиланган муддатини 180 кундан 90 кунга қисқартиради. Бу ҳақда Yonhap News агентлиги маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Қонунчиликка тегишли тузатиш вазирлар маҳкамаси томонидан 13 февраль, сешанба куни қабул қилинади.
Амалдаги жараёнларга мувофиқ, Корея Республикасига қочиб келаётган фуқаролар ярим йил давомида контрразведкачилар ва бошқа хизматлар вакиллари томонидан сўроқ қилинади. Улар қочиш сабаблари ва бошқа маълумотларни аниқлайди.
Текширишдан муваффақиятли ўтган тақдирда улар Жанубий Корея паспорти ва давлатдан молиявий ёрдам олади. Охирги вақтларда КХДРдан Жанубга ҳар йили мингга яқин одам қочиб ўтмоқда. Уларнинг 70 фоизга яқинини аёллар ташкил этади.
Корея Республикаси ҳукумати вакилларининг аксарияти сўроқ қилиш учун 180 кунни жуда узоқ муддат деб ҳисоблайди.
Изоҳ (0)