Россия президенти Владимир Путин 18 мартдаги давлат раҳбари сайловида Севастополда овоз бериши мумкин, деб ёзади «Газета.ru».
Аввалги федерал сайловларда Путин доим Москвада овоз берган. Аммо 2017 йилда қонунчиликка киритилган ўзгаришлардан сўнг нафақат рўйхатдан ўтилган жойда, балки вақтинчалик бўлиб турган жойда ҳам овоз бериш мумкин бўлди.
Президент маъмуриятига яқин манба таъкидлашича, Путин президент сайловида Севастополда овоз бериши мумкин. Шу билан бирга, бошқа манба давлат раҳбари 18 март куни пойтахтни тарк этиши амри маҳол эканлигини қайд этмоқда.
«Кўриб чиқилаётган сценарий бўйича Владимир Путин губернатор вазифасини бажарувчилардан бири сайланадиган ҳудудда ёки сайловчилар кам сонда қатнашиши мумкин бўлган ҳудудда овоз беради», — деди манбалардан бири.
Россия президенти сайловлари 18 март куни биринчи марта Қрим ва Севастополда бўлиб ўтади. Ярим орол Россия таркибига кирган сана ҳам 18 мартдир.
Изоҳ (0)