Кеча — 5 январь куни ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов махсус ишчи гуруҳ билан Жиззах шаҳрига ташриф буюрди. Бундан кўзланган асосий мақсад Жиззах вилояти футбол федерациясидаги умумий ҳолатни ўрганиш эди, деб ёзди ЎФФ матбуот хизмати.
ЎФФ раҳбарияти Жиззах вилояти ҳокими ва бир вақтнинг ўзида Жиззах ФФ президенти ҳисобланган Эргаш Солиев билан учрашиб, вилоятда футболни оммавийлаштириш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида суҳбатлашган.
Ташриф давомида ЎФФ делегацияси «Сўғдиёна» стадионига борган. Кейин эса Эргаш Солиев ва «Сўғдиёна» клуби президенти Ўктам Маҳмуджонов билан биргаликда клуб қошида машғулот олиб бораётган болалар гуруҳлари аъзолари билан суҳбатлашиб, шарт-шароитлар билан яқиндан танишган. Якунда уларга совға сифатида футбол тўплари тақдим қилинган.
Ташриф давомида аёллар футболи ва футзал масаласи ҳам ўрганилган. Кейин эса «Сўғдиёна» академияси учун ажратилган ерга бориб, у ердаги ҳолатни кўздан кечирган. Клуб раҳбарияти тез орада муҳташам футбол академияси қад ростлаши ҳақида айтиб ўтган.
Ташриф масаласига бағишланган йиғилишда Жиззах вилояти футбол федерацияси ходимларининг фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Шундан келиб чиқиб, ЎФФ президенти томонидан кадрлар масаласини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берилган.
Изоҳ (0)