Ўзбекистон футбол федерациясидаги мавжуд бўлимлар вилоят футбол федерацияларида ҳам бўлиши шарт. Ташкилот президенти Умид Аҳмаджонов ҳар бир вилоят ҳокимлари билан алоҳида кўришиб, шу масала юзасидан фикр алмашади.
2018 йилги мавсумда Ўзбекистоннинг барча стадионларида мухлислар учун егулик ва ичимликлар бўлади
Мазкур иш юзасидан ЎФФ делегацияси 12 та вилоят ва Қорақалпоғистонда ислоҳот ишларини олиб бориши режалаштирилган. Умид Аҳмаджоновга қадар ЎФФ қошидаги ҳар бир бўлим раҳбари вилоят футбол федерациясига ташриф буюради ва унинг ичида шу каби бўлим фаолият бошлаши учун замин ҳозирлайди. Бунда ЎФФ мутахассислари вилоят футбол федерацияси мутахассисларига керакли кўрсатмаларни беради, шу вақтга қадар йўл қўйилган камчиликларни аниқлайди.Шунингдек, алоҳида комиссия вилоят футбол федерацияларининг ишини ва улар қандай вазифаларни бажараётганини тўлиқ ўрганиб чиқади. Иш фақатгина федерациялар билан якунига етмай, вилоятдаги мавжуд стадионлар, болалар футбол мактаблари ва футболга алоқадор бошқа объэктлар зимдан текширилади. Иш қуйидагича тақсимланади:
- болалар ва ўсмирлар футбол мактаблари, клублар инфратузилмаси, ундаги шарт-шароитлар;
- аёллар футболи ва мини футболни ривожлантириш йўлида қилинаётган ишлар;
- молиявий масалалар ҳамда кадрлар билан ишлаш;
- мусобақаларни ўтказиш жараёнида йўл қўйилаётган камчиликлар;
- мураббийлар малакасини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар;
- ОАВ ва футбол жамоатчилиги билан ишлаш жараёнлари.
Режага кўра, ЎФФ делегациясининг илк сафари Жиззахдан бошланади. Бугун — 4 январь куни унинг бир қисми сафарга жўнаб кетган бўлса, эртага ташкилот президенти Жиззахга етиб боради.
Изоҳ (0)