Британия маликаси кентлик Мишель Елизавета II нинг Рождество тушлигига «ирқий камситувчи тақинчоқлар» билан келганлиги учун ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан айбланганидан сўнг узр сўради. Бу ҳақда The Guardian газетасига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Маълумотларга кўра, малика ўзининг костюмига «қорамағиз» услубидаги қора танли хизматкор одам кўринишидаги тўғнағични тақиб олган. Тармоқнинг айрим фойдаланувчиларини фикрича, бу орқали малика тушликда иштирок этаётган шаҳзода Гаррининг бўлажак рафиқаси Меган Марклни ҳақоратлаган. Чунки унинг ота-бобоси афроамерикаликларга бориб тақалади.
«Тўғнағич совға ҳисобланади ва у бир неча бор тақилган. Малика Мишель бу хафагарчиликни келтириб чиқарганидан жуда афсусда ва қайғуда», — дейди маликанинг вакили.
Кентлик Мишель қиролича Елизавета II нинг жияни — шаҳзода Майклнинг рафиқаси ҳисобланади. Малика 2004 йилда ҳам номақбул хатти-ҳаракатда айбланган эди. ОАВларнинг хабар беришича, малика Нью-Йоркдаги ресторанга ташриф буюрган қора танли хўрандалардан «яна ўз колонияларига қайтиб кетишини» сўраган. Кейинроқ Мишель ушбу гап-сўзларни рад этиб чиққан.
Бундан ташқари маликанинг отаси асли немис бўлганлиги ва «СС» ҳарбий отряди ҳамда нацистлар партияси таркибида хизмат қилганлиги учун ҳам танқидга учраган.
Изоҳ (0)