Ўзбекистон футбол федерацияси 2017 йилнинг энг яхшиларини 14 декабрь куни тақдирлайди, деб ёзди ЎФФ матбуот хизмати. Маросимга Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри мезбонлик қилади.
Бу йилдан бошлаб йилнинг энг яхши мураббийи ва футболчисини аниқлаш тизими ўзгаради. Бунда ЎФФ ФИФА йўлидан бориб, энг яхшиларни мураббийлар ва жамоа сардорлари аниқлашига замин яратади. 16 та клуб бош мураббийлари ва ўша клублар сардорларининг умумий овозидан келиб чиқиб, ғолиблар тақдирланади.
Ташкилот, шунингдек, энг яхши аёл футболчи ва энг яхши футзалчи совринларини ҳам топширади. Улар қаторида, мавсумнинг энг яхши ёш футболчисига ҳам мукофот берилади. Рўйхатдан «Йилнинг энг яхши мухлислар жамоаси», «Йилнинг энг яхши клуби», «Энг яхши футбол академия», Fair Play каби номинациялар ҳам жой олган. Улар қаторида Ўзбекистон Ёшлар Лигасида зафар қучган Тошкентнинг «Бунёдкор» клубига ҳам мукофот топширилади. Ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшаётган энг яхши хорижий мураббий ҳам эътибордан четда қолиб кетмайди.
Тақдирлаш маросимида эстрада юлдузлари иштирок этади. Унга меҳмон сифатида футбол жамоатчилигидан ташқари Ўзбекистондаги чет эл давлатларининг элчихоналари вакиллари, вазирлик ва идоралар етакчилари, шунингдек, журналистлар таклиф этилади.
Изоҳ (0)