«Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури 27 ноябрь куни чинозлик Аҳмадбойнинг шогирдларидан бири — 2016 йил июнь ойида қўлга олинган янгийўллик Нуриддин Абулғозиевнинг суди бўлиб ўтгани ҳақида хабар берди. Хабар беришларича, суд жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судида бўлиб ўтган. Бироқ маҳкама айнан қачон бўлгани, айбдорларга айнан қандай жазо қўлланилгани ҳақида аниқ маълумот берилгани йўқ.
«Ахборот 24» лавҳасида Нуриддин Абулғозиев ва унинг шериклари томонидан ҳали ўзлаштиришга улгурилмаган 700 миллион сўм миқдоридаги пул ва 125 та автомобиль ўзининг қонуний эгаларига қайтарилиши ҳақида суд томонидан қарор чиқарилгани маълум қилинди. Шунингдек, лавҳада Нуриддин Абулғозиевга машинасини бериб, энди суд қарори асосида уни қайтариб олаётган икки фуқаронинг интервьюси келтирилган.Ҳар иккала фуқаро ҳам машинани Нуриддин Абулғозиевга топширганидан сўнг алданганини билиб қолганини, Нуриддин Абулғозиев ваъдасини бажармаганини, машинасидан умидини узиб бўлганини, бироқ энди адолат қарор топиб, ҳеч қандай шикаст кўрмаган мулкини қайтариб кетаётганини таъкидлаган. Уларнинг ҳар иккиси бунинг учун Ўзбекистон Президентига миннатдорчилик билдирган.
Изоҳ (0)