Фарғона вилояти ҳокимияти вилоятнинг туристик логотипини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни бекор қилиб, унинг муаллифини ўзга дизайндан фойдалангани учун судга беради. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳокимияти томонидан тасдиқланган Фарғона вилояти туристик логотипини саралаш жараёнини текшириш натижалари тўғрисида маълум қилди. Текширув ОАВда аввал тақдим этилган логотип кўчирмакашлик маҳсули экани хабар қилинганидан сўнг ўтказилди.
Фарғона вилояти туристик логотипи бўйича танлов августда эълон қилинган эди. Комиссияга ижодий гуруҳлар ва индивидуал иштирокчилардан турли ишлар келиб тушган, улар орасидан ғолиб сараланган эди. Муаллиф логотипни тақдим этиш вақтида унинг оригинал иши эканини тасдиқлаган.
Муаллифнинг биринчи марта Brandson Branding Agency иштирокида ишлаб чиқилган «Мафтункор Россия» («Чаруюшчая Россия») логотипининг умумий дизайни ва концепциясини такрорлагани аниқланганидан сўнг Фарғона вилояти ҳокимияти ўз қарори бекор қилди ва муаллифни ўғирланган логотип учун судга беришини маълум қилди.
Давлат туризм қўмитаси Фарғона вилоятининг туристик логотипи учун янги танлов эълон қилди. Бундан ташқари, қўмита матбуот хизматидан хабар қилинишича, вилоятлар ҳокимиятларига маҳаллий туристик логотипларни (брендларни) саралаш ва тасдиқлашда лойиҳаларни Давлат туризм қўмитаси ва Маданият вазирлиги, шунингдек, Интеллектуал мулк агентлиги билан келишиш тартибини жорий этиш таклиф қилинган.
Изоҳ (0)