Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланган Сардор Рашидов «Ал-Жазира» сафида навбатдаги голини урди.
У тўп сурадиган клуб БАА Лига Кубогида «Ан-Наср»ни йирик ҳисобда таслим этди. Аввалига Амирлик термаси ҳужумчиси Али Мабҳут ҳисобни очган бўлса, кейинроқ Рашидов ўз номини таблога ёздирди. 2-бўлимда эса ўзбекистонлик вингер голли пас берди.
БАА Лига Кубоги гуруҳ босқичи шаклида ўтказилади. 3-турдан кейин «Ал-Жазира» турнир жадвалида пешқадам бўлиб турибди. Мамлакат чемпионатида эса Рашидов ва жамоаси 7-турдан кейин 6-ўринни эгаллаб турибди. Ваҳоланки, жамоа лиганинг амалдаги ғолиби ҳисобланади.
БАА Лига Кубоги 3-тур ўйинлари 10 ноябрь, жума
«Ан-Наср» — «Ал-Жазира» 0:3
Голлар: Али Мабҳут, 21 (0:1). Сардор Рашидов, 26 (0:2). Аҳмад Ал-Ғилоний, 65 (0:3).«Ал-Жазира» БАА чемпиони сифатида 6—16 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида иштирок этади. Унинг илк рақиби Янги Зеландия етакчиси «Окленд Сити» бўлади. Кетма-кет икки ғалаба «Ал-Жазира»га Мадриднинг «Реал» клуби билан тўқнашиш имконини беради.
14 ноябрь куни Ўзбекистон миллий термаси БААга қарши Ал-Айн шаҳрида ўртоқлик ўйини ўтказади. Сардор Рашидов ва қолган легионер футболчилар терма сафига жалб этилмаган. Катта эҳтимол билан Рашидов учрашувни мухлислар орасида кузатади.
Изоҳ (0)