Кембриж университети олимлари қўйлар одамларнинг юзини уларнинг суратидан фарқлай олишини тушунтириб берди. Назария АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама, актрисалар Эмма Уотсон ва британиялик бошловчи Фиона Брюснинг суратларида текшириб кўрилди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Дастлаб қўйга шунчаки юзни таниш ўргатилган. Бунинг учун қўй иккита экран ўрнатилган махсус хонага киритилган. Экранларнинг бирида машҳур шахснинг сурати пайдо бўлган, бу вақтда иккинчи экран ўчиқ ҳолда қолган. Ҳар сафар қўй суратли экранни танлаганда, егулик олган.
Қўй юзни танишни ўрганганидан сўнг, унга иккита сурат кўрсатилган. Агар у таниш юзни танласа, яна егулик билан тақдирланган. Қўйлар ўнта ҳолатдан саккизтасида юзларни таний олган, хусусан ён тарафдан тасвирланган юзларни ҳам.
Қўйлар ўз эгасининг юзини ҳеч қандай машғулотсиз таний олиши олимлар томонидан қайд этилган.
Тажриба учун мутацияга учраган қўй танланган. Мазкур мутация бош мия пўстлоғи атрофиясини келтириб чиқарувчи нерв тизимининг генетик касаллиги ҳисобланадиган гентингтонни чақиради. Қўйларнинг бу тури 2006 йилда генетик Рассел Шелл ва нейробиолог Ричард Фаулл томонидан аниқланган. Олимлар тадқиқот мазкур касалликни даволаш учун қўлланилаётган дориларнинг самарадорлигини оширишига хизмат қилади, деб умид билдирмоқда.
Изоҳ (0)