АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳиллари Клинтон сайловолди штаби ва Миллий демократик қўмитанинг унга қарши маълумотлар тўплашни молиялаштирганини «шармандалик» деб атади. Бу ҳақда «Ведомости» хабар бермоқда.
«Бу шармандалик. Мамлакатимизда сиёсатнинг аҳволига ўта ачинарли изоҳ. Улар бу сохта маълумотлар билан нималар қилгани, шунча пул сарфлаганидан фақат афсусланиш мумкин. Ҳиллари ва унинг одамлари ҳам аввал шу ишга қўл урганларини инкор этишганди. Энди эса нима дейишни билмай, жуфтакни ростлашяпти», — деди Трамп Fox News телеканалига берган интервьюсида.
Трампнинг Россия билан алоқалари тўғрисидаги маълумотларни Fusion GPS фирмаси томонидан ёллаган Британия махсус хизматлари собиқ агенти Кристофер Стил тўплади. Улар 11 январда, Трампнинг инаугурациясидан 9 кун аввал BuzzFeed нашри томонидан эълон қилинди.
Ҳозирда мазкур маълумотларни Сенатнинг разведка қўмитаси ўрганмоқда, аммо Стил сенаторлар олдида кўрсатма беришдан бош тортгани текширувни боши берк кўчага киритиб қўйди.
Изоҳ (0)