АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Майк Помпео огоҳлантиришича, КХДРда ядро қуроли соҳасидаги ишланмалар АҚШ ҳудудига ядровий зарба беришга яқин босқичга етиб бўлган, деб ёзади «Интерфакс».
«Ҳозир Шимолий Кореянинг имкониятлари шунга яқин, ва сиёсий истиқболда биз ўзимизни гўёки у ушбу имкониятларга эришиш остонасида турганидек тутишимиз керак», — деди Помпео. Унинг сўзларига кўра, ҳозирданоқ «сўнгги қадам ҳақида ўйлаш керак».
Шу билан бирга, Америка разведка идораси раҳбари Пхеньян АҚШ ва унинг иттифоқдошларига зарба беришга тайёр бўладиган муддатни айтмади. Унинг таъкидлашича, АҚШ Шимолий Корея ядровий дастури ҳақида разведка маълумотларини йиғишда давом этмоқда, аммо улар ҳозирча «мукаммалликдан узоқда».
Шу билан бирга, у ҳозир КХДРнинг ядровий имкониятлари беш йил аввалгидан анча мукаммалроқ эканлигини ва беш ойдан кейин янада мукаммалроқ бўлишини қўшиб қўйди.
Изоҳ (0)