БМТ бош котиби Антониу Гутерриш толибларнинг Афғонистондаги Пактия ва Ғазни вилоятларига ҳужумини қоралади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Бош котиб Афғонистоннинг Пактия ва Ғазни вилоятларида уюштирилган ҳужумларни қоралади. Улар оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлди ва жароҳатланди. Бундай ҳужумлар инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши ҳисобланади, уларни асло оқлаб бўлмайди», — дейилади халқаро ташкилот раҳбари матбуот котиби Стефан Дюжаррик баёнотида.
Гутерриш қурбонларнинг оилаларига чуқур ҳамдардлик билдирди ва жабрланганларга тезда соғайиб кетишларини тилади. Шунингдек, Афғонистон халқи ва ҳукумати билан бирдамлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 17 октябрь куни эрталаб Пактия вилояти маъмурий маркази Гардез шаҳри полиция бошқармаси яқинида икки машина портлатилди. Мамлакат жануби ва ғарбида ҳам полициячиларга ҳужум уюштирилди. Терактлар оқибатида 70 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 170 дан ошиқ одам яраланди.
Ҳужумлар учун жавобгарликни «Толибон» ўз зиммасига олди.
Изоҳ (0)