Ҳиндистонда деҳқон ва қишлоқ хўжалиги ишчилари ҳаммадан кўп, бироқ экзотика қидириб, «шарқ эртаклари мамлакатига» йўл олганлар улар ҳақида эслармиди? «ТАСС» сайёҳлар селфи олишни хуш кўрувчи энг оммабоп маҳаллий касблар рейтингини тузишга қарор қилди.
Махаутлар
Филлар подачиси
Филлар — Ҳиндистоннинг қадимий рамзлари. Улар ёрдамида жанг қилиниб, юклар ташилган, бироқ энг асосийси — улар аслзодалик ва бойлик белгиси ҳисобланган. Буюк мўғуллар, маҳараджалар, ҳатто Ҳиндистоннинг британиялик вице-қироллари филларда юрган. Улардан ҳар бири махаутни ёллаган: мутахассиссиз бундай ҳайвонларни бошқариш имконсиз. «Хатхи» («фил») ни бошқариш қобилияти наслдан наслга ўтади ва табақага оид касб ҳисобланади.
Бугунги кунда анъанавий либосларини кийган махаутлар сайёҳларни филда сайр қилдиради, яна ибодатхона хатхиларини бошқаради. Афсуски, филлар подачиси йўқолиб кетаётган касб ҳисобланади.
Чаивала
Чой ташувчи
Ўз вақтида бутун Шарқда машҳур бўлган касб. Албатта сут билан қайнатилган ҳиндча чой сотиб юрувчи савдогарларни Дели, Мумбай ва Варанаси тор кўчаларида учратиш мумкин. Уларнинг сув ташувчи ҳамкасблари йўқолиб кетган. Кўча чойининг оммабоплиги йиллар ўтиши билан камайгани йўқ.
Охирги вақтда бу касб янада урфга кирди. Бунга 2014 йилда Нарендра Модининг мамлакат бош вазири бўлиши сабаб бўлди. У меҳнат фаолиятини Гужарат темирйўл станциясида чой ташувчи сифатида бошлаганлигини такрорлашдан чарчамайди.
Рикшавала
Велорикша
Умуман олганда рикша японча сўз, у Ҳиндистонда маҳаллий қўшимчани олиб, рикшавалага айланган. Илк бор XIX асрнинг иккинчи ярмида пайдо бўлган «одам-рикшалар»ни ҳозирда фақат Калкуттада учратиш мумкин. Велоузатмали рикшалар эса 1930 йилларда пайдо бўлган. Улар ҳам дастлаб Калкуттада пайдо бўлган.
Велорикшалар таший олмайдиган юкнинг ўзи йўқдек. Қутилар уюми? Мотоцикл? Беш болали оила? Марҳамат! Яна ҳар бир веломобил бир-бирига ўхшамайди: улар бўялиб, нақшлар билан безатилади, безаклар тақилади. Ҳатто бундай «тюнинг» қилувчи махсус рассомлар ҳам бор.
Катхпутли устаси
Қўғирчоқсоз
Ҳиндистоннинг Ражастан штатида катхпутли санъати усталари ҳамон шаҳардан шаҳарга, бозордан бозорга бўлган йўлларда кезиб юради. Ёғоч, рангли мато бўлаги ва бир нечта қўғирчоқ — бутун реквизит шулардан иборат. Қўғирчоқсоз уста қўғирчоқлар билан ишлайди ва уларга ўзи овоз беради. Баъзан уларга мусиқачилар ҳамроҳлик қилади.
Катхпутли «ёғоч қўғирчоқ» маъносини англатади. Қўғирчоқсозлик табақага оид касб ва уларнинг чиқиш сюжетлари отадан ўғилга ўтади.
Дудхвала
Сутчи
Ҳиндистонда сутчилар сигир, эчки, ҳатто буйвол сутини ҳам сотади. Бироқ сигир сути ўзига хос маҳсулот, ахир сигир муқаддас, шунинг учун ҳар куни тонналаб сигир сути диний маросимларга сарфланади. Эчки сути — бошқа гап, ҳеч қандай таомил талаб қилинмайди: сотиб ол ва ичавер.
Сутчилар маҳсулотни турли шакл ва ўлчамдаги бидонларда етказади — уларни бошида олиб юради, велосипедлар ёки мотоциклларга илади. Ҳиндистонда кўп истеъмол қилинадиган эчки сути шифобахш ҳисобланади.
Наи
Сартарош
Ҳиндистонда ҳамма чиройли кўринишга интилади ва ёш йигитлар соч турмагига алоҳида эътибор беради. Сартарошлик ҳам табақага хос қадимий касб. Кўча сартарошлари йўл ва бозорлар кесишмасида серсоя дарахтлар остида ўтиради. Улар ёнида катта ойна ва чайқаладиган стулни кўриш мумкин.
Дхоби
Кир ювувчи
Ҳиндистонда кир ювиш — эркакларнинг оғир иши ва у билан махсус одамлар — кир ювувчилар шуғулланади. «Ҳақиқий экзотика»ни истовчи сайёҳлар орасида Мумбайдаги Махалакшми кир ювувчилар квартали машҳур. У ерда очиқ осмон остида юзлаб дхоби ҳар куни минглаб шим, костюм, кўйлакни ювиб, қуритади ва дазмоллайди.
Саперлар
Илон авровчи
Ҳиндистонга келган деярли ҳар бир сайёҳ ижтимоий тармоққа рақсга тушаётган кобра ва илон авровчи фонидаги суратини жойлайди. Илон авровчилар одатда саватидаги илонлари билан ўтиради ҳамда ташқи кўриниши ва кийимлари билан қишлоқ сеҳргарларини эслатади. Бу бежизга эмас. Тарихда саперлар сеҳргарлар табақасидан ажралиб чиққан.
Албатта, аксарият сайёҳлар илонлар эшитмаслиги ва улар флейта овозига ўйнамаслигини билмайди. Улар шунчаки ёғоч нарсанинг ҳаракатини кузатади.
Худоларни «ишлаб чиқарувчилар»
Кумартули квартали ҳайкалтарошлари
Ҳиндистон — мингта худо мамлакати; кўп қўлли, рақсга тушаётган, фил бошли ва бошқа кўринишдгаи худолар бор; уларнинг чиройли ҳайкаллари кўп сонли ибодатхоналарни безатиб туради. Фақат уларни суратга олиш қатъий тақиқланган. Бироқ бу ҳайкалларни улар ясаладиган кварталларда бемалол суратга олиш мумкин.
Бундай кварталлардан энг машҳури Калкуттадаги Кумартули тумани. Бу квартал «Калкутта мўъжиза»ларидан бири ҳисобланади.
Ятри
Зиёратчи
Ятри — бу, албатта, касб эмас. Бироқ бу ерда муқаддас жойларни зиёрат қилишни ҳаёт тарзига айлантирган ва доим бир муқаддас жойдан бошқасига кезиб юрадиганлар ҳам бор. Бу ерда ҳамма қаергадир: машҳур ибодатхоналар, муқаддас дарёлар ва сув ҳавзаларига, диний байрамларга бораётгандек туюлади. Ҳар куни миллионлаб одам йўлга отланади ва белгиланган кунларда муқаддас жойлар одамлар тўдаси билан тўлади.
Изоҳ (0)