Франция, Буюк Британия ва Германия АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси борасидаги қарорининг оқибатларидан хавотирда.«Биз Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасига ва ундаги барча халқаро мажбуриятларга содиқмиз», — деб «Интерфакс» юқоридаги мамлакатлар баёнотидан парча келтирди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ президентининг Конгресс Эроннинг Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасига тўлиқ риоя қилганлигини тасдиқламаслиги борасидаги қарорини қўллаб-қувватлади. «Агарда Эрон билан имзоланган битим ўзгартиришсиз қолса, бир неча йилдан сўнг терроризмни ҳаммадан кўпроқ қўллаб-қувватловчи давлат ядровий қуролларга эга бўлади. Бу эса бизнинг келажагимиз учун жуда катта хавф туғдиради», — деди Нетаньяху.
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Эрон ядровий битими БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюцияси билан мустаҳкамланганини, шундай экан бир томонлама тартибда ундан воз кечиш мумкин эмаслигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп АҚШ исталган вақтда Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасидан чиқиши мумкинлиги, ушбу битим шунчаки расмиятчилик эканлигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)