Ўзбекистон Футзал Ассоциациясининг фаолияти тугатилди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.
Эндиликда мамлакат футзалига, аёллар футболига, соҳил футболига ЎФФнинг ўзи жавобгар бўлади ва уларни назорат қилади. Ташкилот тузилмасида, шунингдек, ПФЛ таркибида футзал, соҳил футболи ва аёллар футболи билан шуғулланадиган янги бўлимлар ташкил топади.
Аниқлик киритилишича, «Чиғатой» футбол мактаби ўрнида вужудга келган «Спорт маҳоратини ошириш республика олий мактаби» қошида юқоридаги соҳалар билан шуғулланувчи мураббийлар гуруҳи иш бошлаган. Шу тариқа Ўзбекистон Футзал Ассоциациясига ҳожат қолмаган.
Ўзбекистон Футзал Ассоциациясини президент сифатида Фазлиддин Сирожиддинов, вице-президент сифатида ЎФФнинг собиқ президенти Мираброр Усмоновнинг ўғли Жаҳонгир Усмонов бошқариб келаётганди. Кичик Усмонов, шунингдек, «Ардус» футзал клубининг ҳам эгаси ҳисобланади.
Изоҳ (0)