Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутатлигига бўшаб қолган ўринга сайловлар арафасидаги учрашувда аҳоли томонидан 75-мактаб яқинида светофор ўрнатиш масаласи кўтарилганди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
«Наманган—Учқўрғон» автомагистраль йўли устида жойлашган ушбу манзилдан бир соатда ўртача 2,5 минг автомобиль ўтади. Пиёдалар ўтиш жойини эса 500 дан ортиқ йўловчи кесиб ўтади. Мазкур ҳудудда яшовчи фуқароларнинг гувоҳлик беришича, гавжум йўлда йил давомида 8 автотанспорт ҳодисаси содир этилган. 5 нафар фуқаро оламдан ўтган, 3 йўловчи жароҳат олган.
Депутатликка номзодлардан бири — «Наманган китоб олами» МЧЖ директори Маъруф Мўминов сайланиши ёки йўқлигидан қатъи назар, масалани ижобий ҳал этишга ваъда берди.
28-Яккатут сайлов округидан халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашига сайловда Маъруф Мўминов энг кўп овоз олди. Ўша заҳоти тегишли мутасаддиларга учради, ўзи ҳам бевосита иш устида бўлди. Пиёдалар йўлкаси рангли бўёқ билан ажратилди. Мактабга яқин ҳудудга тезликни чекловчи йўл белгилари ўрнатилди. Мактаб қаршисида эса аҳоли талабига мувофиқ светофор ўрнатилди.
Изоҳ (0)