Ўзбекистонда бўлиб турган Татаристон президенти Рустам Миннихонов 24 сентябрь куни Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Юқори мартабали меҳмон Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мангу қўним топган масканни зиёрат қилди. «Буюк Юртбошимиз қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди», — дейилади агентлик ахборотида.
Рустам Миннихонов Ислом Каримов мустақил Ўзбекистоннинг асосчиси сифатида унинг тараққиёти йўлида улкан ишларни амалга оширган йирик тарихий шахс эканини таъкидлади.
Меҳмонга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътибори туфайли бу ерда қисқа фурсатда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида сўзлаб берилди.
«Ёдгорлик мажмуасининг миллий меъморлик анъаналари асосида бунёд этилаётгани ва бу ерда зиёратчилар учун кенг қулайликлар яратилаётгани меҳмонда катта таассурот қолдирди», — деб ёзади ЎзА.
Изоҳ (0)