Мексиканинг Тинч океани соҳилларида 8,0 магнитудали зилзила юз берди. Бу ҳақда АҚШ Геология хизмати хабар бермоқда.
Зилзила эпицентри Пихихяпан шаҳридан 96 км жануби-ғарбда, зилзила ўчоғи эса 35 км чуқурликда жойлашди. Ерости силкинишлари 23:49 (Тошкент вақти билан 09:49)да қайд этилди.
Қурбонлар ва вайронгарчиликлар ҳақида ҳозирча маълум қилинмаяпти. Мексика қутқарув хизматлари хабарига кўра, бу зилзила минглаб кишилар ҳалокатига сабабчи бўлган 1985 йилги зилзиладан буён энг кучлиси бўлган.
Тинч океани цунами ҳақида огоҳлантириш маркази минтақада цунами хавфи борлигини эълон қилди. Табиий офат зарбасига Мексика қирғоқлари ҳам, Гондурас, Никарагуа, Гватемала, Сальвадор, Коста-Рика, Панама ва Эквадор каби қўшни мамлакатлар соҳиллари ҳам дучор бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)