Бокс мухлислари орзиқиб кутган жанг — ринг юлдузи Флойд Мейвезер ҳамда UFC етакчиси Конор МакГрегор тўқнашуви бир неча дақиқа олдин америкалик спортчининг ғалабаси билан якунига етди.

Фото: Getty Images

Профессионал боксда 49 та жанг ўтказиб, уларнинг ҳаммасида зафар қучган ва 26 бор рақибларини нокаутга учратган Флойд Мейвезер, ўзининг 50-жангида ҳам муваффақият қозонди. UFC орқали боксга кириб келган ва профессионал рингда ўзининг илк жангини ўтказган Конор МакГрекор Мейвезерга қарши 10 раунд туриб берди.

МакГрегор жангни анча фаол бошлаб, дастлабки 4 раунд давомида устунроқдек кўринганди. Бироқ кучни тежаш борасида у барибир тажрибали Мейвезерчалик бўла олмади. 10-раундда кетма-кет зарбалар қабул қилиб олган МакГрегорнинг ҳолати жанг реферисини қаноатлантирмади ва мана шу раундда Мейвезернинг техник нокаути эълон қилинди.

Фото: Getty Images

Шу тариқа Флойд Мейвезер ўзининг 50-жангида 50-ғалабасини қўлга киритиб, катта спорт билан хайрлашди.

Мазкур жангга чиқиб келгани учунгина Конор МакГрегор 30 миллион доллар ишлаб олди. Флойд Мейвезерда эса бу кўрсаткич 100 миллионни ташкил қилади. Чипталар, трансляциялар ва ғалабаси учун бериладиган суммалар бунда ҳисобдан ташқарида бўлиб, улар яна алоҳида рақамларни ташкил қилади.