Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасининг 18-туридан ўрин олган ва Бекобод шаҳрида ўтказилиши лозим бўлган «Металлург» — «Локомотив» учрашувига Тошкент мезбонлик қилади.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси матбуот хизмати хабарига кўра, ўйин Тошкентдаги «Локомотив» стадионида ўтказилади. Учрашув 18 август куни маҳаллий вақт билан 19:00 да бошланиши режалаштирилган.
ЎзПФЛдан маълум қилишларича, ўйин «Металлург»нинг Бекободдаги стадионида Ўзбекистон Мустақиллигининг 26 йиллиги тантаналарига тайёргарлик кўрилаётгани муносабати билан Тошкентга кўчирилган.
«Мазкур учрашув Тошкентда ўтказилишига қарамай, ‘Металлург’ номинал мезбон сифатида ҳаракат қилади», — дейилади ЎзПФЛ ахборотида.
«Металлург» ва «Локомотив» жамоалари ўртасидаги биринчи давра учрашуви ҳам Тошкентда бўлиб ўтган эди. Ўшанда «темирйўлчилар» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
Маълумот учун, «Локомотив» Олий Лигада ўтказилган 17 тур якунига кўра, 39 очко билан яккапешқадам бўлиб турибди. Иккинчи ўриндаги «Қўқон-1912» ҳисобида 30 очко бор.
«Металлург» эса 17 учрашувдан сўнг 23 очко тўплаган бўлиб, 10-ўриндан жой олган. Жамоа сўнгги учрашувни 12 август куни Бекободда ўтказиб, «Машъал»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган эди.
Изоҳ (0)