Венгрия Нидерландиядаги элчисини маслаҳатлашувлар учун чақириб олмоқда ва бу мамлакатдаги дипломатик вакиллик даражасини муваққат ишлар вакили даражасигача туширмоқда. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийяртонинг баёнотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг ёмонлашувига яқинда ўз миссиясини якунлайдиган Нидерландиянинг Венгриядаги элчиси Гаюс Шелтеманинг венгер ОАВларига берган интервьюси сабаб бўлган.
Дипломат Венгрия ҳукуматини террорчиларга тенглаштирган ва «ислом экстремистлари душман образини ҳосил қилишда Венгрия ҳукумати қўллайдиган принциплардан фойдаланади», деган. Шу сабабли Сийярто бу элчи Венгрия ТИВда бошқа кўринмаслигини талаб қилган.
Сийяртонинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасида номаълум муддатгача элчилар даражасидаги алоқалар бўлмайди. «Бу дипломатиядаги энг радикал қадам», — деган вазир.
Вазир Венгрия элчихонасидаги муваққат ишлар вакилига Венгрияга қарши айбловни қатъий рад этиш ва Нидерландия ташқи ишлар вазирлигидан тушунтириш талаб қилиш топшириғини юклаган. «Бизга очиқ тушунтириш керак, ёпиқ эшиклар ортидаги тушунтириш етарли бўлмайди», — деб таъкидлаган Сийярто.
«Ҳеч кимга Венгрия ва венгер халқига нисбатан бундай фикр билдиришга рухсат берилмаган» — деб қўшимча қилган вазир.
Изоҳ (0)