Россиянинг Краснодар ўлкасида ишчиларни ташиётган автобус денгизга қулаши оқибатида 17 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Ҳодиса Волна посёлкасида рўй берди. Аниқланмаган сабабларга кўра, автобус йўлдан чиқиб кетди ва сувга қулади. 27 киши қутқарилди, улардан 8 нафари касалхонага ётқизилди. Яна бир киши қидирилмоқда.
Авариянинг асосий сабаби сифатида йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши кўрилмоқда. Автобус қулаган жойда денгиз чуқурлиги 4 метрни ташкил этади, транспорт воситаси ҳозирда қирғоққа чиқариб бўлинди. Ҳодиса жойида 80 дан ортиқ қутқарувчи ва 27 та техника ишламоқда.
Россия ФВВга кўра, автобус Волна посёлкасида «Таманнефтегаз» учун кемалар қўнимгоҳи қураётган компанияга тегишли бўлиб, вахта усулида меҳнат қиладиган ишчиларни ташиган.
Изоҳ (0)