Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ўқитувчиси Рауфхон Салахўжаев «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 25 августдаги фармонида белгилаб қўйилган.
Фармонда қайд этилишича, Рауфхон Салахўжаев Ўзбекистонда «амалга оширилаётган маънавий-маърифий ва ижтимоий ислоҳотлардаги фаол иштироки, самарали меҳнати, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун» мукофотланган.
Эслатиб ўтамиз, Рауфхон Салахўжаев RePeC ташкилоти томонидан тузилган дунёнинг энг яхши 100 нафар ёш иқтисодчиси рўйхатига кирган илк ўзбекистонлик бўлган эди.
Салахўжаев мазкур рўйхатда 32-ўриндан жой олган бўлиб, кучли элликталикка Рауфхондан ташқари Осиёнинг фақат икки вакили — Ҳиндистон ва Япония иқтисодчилари киритилган эди.
Жаҳоннинг энг яхши 100 нафар ёш иқтисодчиси рўйхатига киритилгани маълум бўлганидан сўнг, 2017 йил март ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Рауфхон Салахўжаевга Тошкент марказидан уй совға қилган эди.
Ўзбекистон Президентининг 25 августдаги фармони билан мукофотланганларнинг тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишиш мумкин.
Изоҳ (0)