Ўзбекистон иқтисодиётида дефолт бўлмайди, мамлакатнинг олтин-валюта захиралари пул-кредит сиёсати бўйича ўтказиладиган ислоҳотларни амалга ошириш учун етарли. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг 26 июлда бўлиб ўтган йиғилишида Марказий банк раиси ўринбосари Саидкамол Хўжаев маълум қилди.
«Захираларимиз етарли. Буни ҳаммамиз биламиз. Халқаро валюта жамғармаси ҳам Ўзбекистоннинг захиралари ислоҳотлар ўтказиш учун етарли эканлигини айтиб ўтди. Демак, Ўзбекистонда дефолт ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», — деди Марказий банк раиси ўринбосари.
Йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев бу масалага тўхталиб, валюта бозорини эркинлаштириш пайтида давлат бюджетида етарлича захира шакллантирилиши ва унинг ижроси балансланган ҳолда таъминланишини қайд этиб ўтди.
Мубин Мирзаев олтин-валюта захираларининг етарли эканлигини таъкидлаган ҳолда, валюта бозорини эркинлаштириш жараёнида ҳеч қандай халқаро молиявий институтлардан кредит олинмаслигини айтиб ўтди.
Таъкидланишича, захиралар икки йиллик импорт учун етарли бўлиб, қарийб 25 миллиард долларга яқин. Шунинг учун ҳеч қандай халқаро кредитларни жалб қилишга ҳожат йўқ.
Изоҳ (0)