Австралиялик блогер Тирал Далиц Сиднейдан Американинг Сан-Диего шаҳрига қадар бирорта авиакомпания хизматидан фойдаланмасдан етиб борди. Уч йил давом этган саёҳат вақтида 29 ёшли эркак 80 минг километрга яқин йўл босиб, 50 та мамлакатда бўлди, деб хабар берди Daily Mail.
Далиц саёҳат давомида ўзининг шахсий LostAussies.com сайтида кундалик юритиб борди. Далиц Австралиядан Индонезияга, Сингапурга, Малайзия ва Таиландга йўл олган. Шундан сўнг Лаос, Камбожа, Вьетнам ва Хитойга ўтган. Эркак Хитойдан Мўғулистон орқали Россия борган, у ердан Европа бўйлаб саёҳатини давом эттирган.
Саёҳат давомида у кемалар, велосипедлар, автотранспортлар ва поездлар хизматидан фойдаланган. Бутун саёҳат Далицга, тахминан, 22 минг долларга тушган.
Ушбу пулларни у 1,5 йил фермада ишлаб топиб, жамғарган.
Далиц Сан-Диего шаҳридан Сиднейга қайтишни режалаштирмоқда, бироқ яна саёҳатга чиқишга шошаётгани йўқ. Туристнинг таъкидлашича, Австралияда уни онаси ҳамда яхши кўрган қизи кутмоқда.
Изоҳ (0)