Венесуэла парламенти 21 июль, жума куни Олий суднинг янги 13 аъзосини қасамёдга келтирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Бу воқеа арафасида Олий суд парламентда янги судьялар қасамёдга келтирилса, уларга «ваколатларни ноқонуний ўзлаштириш»да айблов эълон қилиниши мумкинлигини маълум қилди. Мазкур идорага кўра, тайинланиш жараёни унинг «бевақтлиги, бўш ўринлар мавжуд эмаслиги ва конституциявий ҳамда қонуний меъёрлар риоя этилмаслик» туфайли ноқонуний ҳисобланади.
Олий суд амалдаги таркиби президент Николас Мадуронинг сиёсий мухолифларига қарши курашда асосий иттифоқдошларидан бирига айланди. Суд бир неча бор депутатларнинг турли қарорлари, жумладан, давлат раҳбарини лавозимидан четлатиш тўғрисидаги резолюциясини бекор қилганди.
Ўз навбатида, парламентни назорат қилаётган мухолифат судьялар 2015 йил декабрида ноқонуний йўл билан сайланган деб ҳисоблайди. Бу парламентдаги аксарият ўрин Мадуро тарафдорларидан унинг сайловларда ғолиб чиққан сиёсий рақибларига ўтишидан бир неча кун аввал рўй берганди.
Изоҳ (0)