НАТОга аъзо 15 мамлакат Афғонистонга қўшимча ҳарбийларни юбориши ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс мудофаа вазирларининг йиғилишига ташрифи чоғида сўзлади. Унинг таъкидлашича, ушбу кучлар жанговар ролни бажармайди, деб хабар берди «ТАСС».
«Мен НАТО Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларини кучайтираётганини тасдиқлашим мумкин. 15 та давлат қўшимча куч ажратишга рози бўлди ва бугун уларнинг сони янада ортишини кутмоқдаман. Гап жанговар вазифаларни бажаришга қайтиш ҳақида эмас, гап НАТОнинг миллий кучларга ёрдам бериши ва уларни тайёрлаш миссиясини мустаҳкамлаш ҳақида кетмоқда», — деди Столтенберг.
Унинг сўзларига кўра, НАТОнинг Афғонистондаги операциялар бўйича қўмондонлиги умумий миқдорда қўшимча 4 минг нафар ҳарбий сўраган.
Буюк Британия мудофаа вазири Майкл Феллон ўзининг давлати қўшимча 100 нафар аскарни Афғонистонга жўнатишини маълум қилди.
НАТО Афғонистондан ўз жанговар қўшинларини олиб чиқиб кетишни 2014 йилда якунлаган эди. Шундан бери мамлакатда «Қатъий қўллаб-қувватлаш» (Resolute support) миссияси амалда бўлиб, унинг таркибида 13,5 минг одам бор.
Изоҳ (0)