Голливуд актёри Жонни Депп Британиядаги Гластонбери мусиқа фестивалида АҚШ президенти Дональд Трампнинг ўлдирилиш эҳтимоли ҳақида гапиргани учун узр сўради. Бу ҳақда People нашри маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Президент Трамп ҳақида хунук ва қўпол ҳазил қилишга уринганим учун кечирим сўрайман. Бу мен ўйлагандек бўлиб чиқмади, ёмон ниятим йўқ эди. Кимгадир зиён етказмоқчи эмас, тўпланганларнинг вақтини чоғ қилмоқчи эдим, холос», — дейилади актёрнинг журналга тақдим этган баёнотида.
22 июнь, пайшанба куни Гластонбери мусиқа фестивали меҳмонлари билан учрашуви чоғида Депп Трампнинг номи тилга олинганида «Охирги бор актёр қачон президентни ўлдирган?», — дея савол берди. ОАВ у 1865 йил 14 апрелда АҚШнинг 16-президенти Авраам Линколннинг ўлдирилишини назарда тутганини тахмин қилди. Ўшанда актёр Жон Уилкс Бут тўппончадан Линколннинг бошига ўқ узиб, яралаган эди.
Эртасига, 23 июнь куни вазифалари қаторига Дональд Трампни қўриқлаш ҳам кирадиган АҚШ Махфий хизмати Деппнинг айтганларига изоҳ берди. Хизмат матбуот ва ижтимоий тармоқларда пайдо бўладиган Оқ уй хўжайинига таҳдид билан боғлиқ ҳар қандай маълумот диққат билан кузатиб борилишини маълум қилди.
Изоҳ (0)