«Xushnudbek.uz» сайтида кейинги ўқув йилидан Ўзбекистонда юридик йўналишдаги олий таълимда рўй берадиган ўзгаришлар ҳақида маълумот келтирилди.
2 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан Тошкент давлат юридик университети бакалавриатига хорижий фуқароларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди ҳамда ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланди.
1-ўзгариш: Тошкент давлат юридик университетига хорижий фуқароларни қабул қилишда, бошқа ОТМлардан фарқли ўлароқ, тест синовларидан воз кечилиб, шунчаки суҳбат ўтказиладиган бўлди.
Ўзгаришга кўра, эндиликда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан келган хорижий фуқаролар нафақат ТДЮУ, балки барча ОТМлар бакалавриатига суҳбат натижасида қабул қилинадиган бўлди. МДҲдан бошқа мамлакат фуқаролари учун эса ОТМларда тест синови сақланиб қолган. ТДЮУда барча хорижликлар суҳбат асосида қабул қилинади.
2-ўзгариш: Хорижий фуқароларни қабул қилишда абитуриентлар ўз ҳужжатларини интернет орқали юбориши йўлга қўйилди. Фақат абитуриентлардан суҳбатга келганда ўзлари билан ҳужжатларнинг оригиналларини олиб келиш ва тасдиқлаш талаб этилади, холос.
Аслида бундай тизим деярли барча хорижий ОТМларида мавжуд. Тегишли ҳужжатларнинг оддий сканер варианти бирламчи ҳужжат топшириш учун етарли ҳисобланади. Чунки кейинчалик уларнинг ҳаққонийлигини текшириш ва агар кимдир алдаган бўлса, унга рад жавобини бериш имкони ҳар доим бўлади.
Ҳозирда фақат Тошкент ахборот технологиялари университетидагина бакалавриат учун ҳужжатларни онлайн қабул қилиш йўлга қўйилган, холос.
3-ўзгариш: Бир семестрда назарий билимларни эгаллашга ажратилган 18 ҳафталик ўқув жараёнлари 14 ҳафтага қисқартирилди. Ортиб қолган тўрт ҳафталик муддат талабаларнинг мустақил изланишлари ва назорат ишлари учун ажратилади.
Шунингдек, аудитория дарслари ҳажмининг ҳафталик максимуми 36 соатдан 30 соатга қисқартирилди. Бу ТДЮУда ҳафтасига беш кун ўқиш бўлади дегани.
Барча хорижий ОТМлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда 2 сентябрдан январь ойининг ўртасига қадар ўқув машғулотлари давом этади. Натижада ўқиш самарадорлигига бу омил салбий таъсир кўрсатади. Ўқитувчи чарчайди, талаба чарчайди, чунки вақтининг аксарият қисмини аудиторияда ўтказади, амалий кўникма ҳосил қилмайди. ТДЮУда эса 18 ҳафталик муддат 14 ҳафтага қисқартирилди.
Бундан ташқари, ТДЮУда барча фанлар кесимида ҳафтасига битта лексия ва битта семинар ўтиладиган бўлади. Бу ўз навбатида ўқитувчиларнинг ўқув юкламасини сезиларли даражада камайтиради ва уларга қулайлик яратади, ўқитиш самарасини оширишга олиб келади.
4-ўзгариш: ТДЮУ давлат таълим стандартларида белгиланган ўқув блокларига ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга бўлди.
5-ўзгариш: ТДЮУда Ўзбекистондаги ОТМлар орасида биринчи бўлиб ўқитишнинг кредит тизимига ўтилади. Кредит тизими талабалар ўқув юкламалари ҳажмини аниқлашнинг шартли белгиси бўлиб, хорижий таълим муассасаларида энг кенг тарқалган тизим ҳисобланади.
6-ўзгариш: Тошкент давлат юридик университетига педагог ходимлар адлия органлари ва муассасалари учун белгиланадиган тартибда ўтказиладиган танлов асосида қабул қилинади.
7-ўзгариш: ТДЮУга бакалавр даражасига эга бўлган шахслар ҳам ўқитувчи сифатида ишга олиниши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги «Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига кўра, Ўзбекистонда олий таълим ўқитувчиси лавозимини эгаллаш учун албатта магистрлик даражаси бўлиши лозим.
Мазкур ўзгаришга кўра, ТДЮУга ўқитувчи сифатида ишга кириши мумкин бўлган шахслар доираси кенгаяди ва қуруқ магистрлик дипломига эмас, балки олинаётган шахснинг тажрибасига қаралади.
8-ўзгариш: ТДЮУда ўқитувчиларнинг йиллик шахсий иш режаси фақат ўқув тусдаги тадбирларни ўз ичига оладиган бўлди. Шунингдек, ўқитувчилардан 1540 соатлик «нагрузка» ҳам олиб ташланди.
Бугунги кунда олий таълим тизимида ўқитувчиларнинг йиллик шахсий иш режаси:
ўқув;
илмий-методик;
илмий-тадқиқот;
ташкилий-методик;
маънавий-ахлоқий;
тарбиявий тусдаги асосий тадбирлар рўйхатини, тадбирлардан ҳар бири бўйича соатлар миқдорини кўрсатган ҳолда, ўз ичига олади.
Ўқитувчи ўзининг асосий вазифаси, яъни дарс беришдан ташқари, яна кўплаб жамоатчилик ишларига жалб қилинади, ҳар бир ўтказган тадбирини исботлаш учун тонналаб қоғозбозликларга маҳкум этилади. Йил охирида соати чиқмаётган ўқитувчи қўшиб ёзиш учун нималарнидир ўйлаб топишга мажбур бўлади. Умуман ўқитувчининг асосий фикру хаёли 1540 соатлик «нагрузка»ни бажаришда бўлади.
ТДЮУда эндиликда ўқитувчининг йиллик шахсий иш режаси фақат ўқув тусдаги тадбирларни ўз ичига олади. Аммо бу дегани ўқитувчилар қолган йўналишдаги тадбирларни бажармайди дегани эмас. Қўшимча тадбирларни бажаргани учун ўқитувчиларни иш ҳақи фондининг 85%и миқдорида алоҳида рағбатлантириш тизими жорий этилади.
9-ўзгариш: ТДЮУда таҳсил олаётган талабалар иккинчи курсдан бошлаб ўқишнинг бир ўқув йилигача бўлган муддатни хорижий ОТМнинг юриспруденсия йўналишида ўқиш ҳуқуқига эга. Талабанинг хорижий ОТМда ўқиган даври ва ўзлаштирган фанлари маълумотнома асосида университет кенгаши томонидан университет ўқув режаси ва дастурларининг тегишли қисмларини ўзлаштирганлиги сифатида қабул қилиниши ва талабага ўқишини тегишли ўқув семестридан давом эттириш ҳуқуқи берилиши мумкин.
ТДЮУдаги ўзгаришга биноан, эндиликда 1 йилгача муддатга ўқишга кетган талаба, қайтиб келгач, келган жойидан ўқишини давом эттираверади, беҳуда вақт йўқотмайди.
10-ўзгариш: ТДЮУ талабалари эндиликда академик ўзлаштира олмаганлиги (қарздорлиги) учун талабалар сафидан чиқарилмайди. Академик қарздор талабалар ўзлаштира олмаган фанларни такроран ўқитиш учун тегишли курсда қолдирилади.
Эндиликда ТДЮУда фанни ўзлаштира олмаган талаба талабалар сафидан четлатилмайди, шунчаки курсдан курсга қолдирилади. Келгуси ўқув йилида эса худди ўша ўзи ўзлаштира олмаган фанни ўқийди. Ўзлаштирган фанларини қайта ўқиши шарт бўлмайди.
11-ўзгариш: ТДЮУ ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш факультети негизида Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази ташкил этилади.
12-ўзгариш: Эндиликда ТДЮУ бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва ўқув дастурларини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан мустақил ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Изоҳ (0)