Буюк Британия ҳукумати Евроиттифоқни мамлакатдаги сайловга таъсир ўтказишда гумон қилмоқда
Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйнинг тахминича, Европа Иттифоқи мамлакатда бир неча кундан сўнг бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари парламент сайловларига таъсир ўтказишга уринмоқда. Бу ҳақда «Коммерсант.ru» хабар бермоқда.
Ўзининг Даунинг-стритдаги қароргоҳи ёнида амалга оширган чиқишида ҳукумат раҳбари Буюк Британиянинг Европадаги позицияси қитъа матбуотида нотўғри тақдим этилганини таъкидлаб ўтди.
«Ушбу барча ҳаракатлар айнан шу пайтда қасддан амалга оширилди, 8 июнда бўлиб ўтадиган умумхалқ сайлови натижаларига таъсир кўрсатиш учун», — деди сиёсатчи.
Тереза Мэй муқаддам парламентни тарқатиб, қайта сайлов ўтказишни таклиф қилган эди. Навбатдан ташқари сайловдан кўзланган асосий мақсад — парламентда мухолиф партиялар Brexit жараёнига тўсқинлик қилишига йўл қўймаслик.