Сурия армияси ва ҳукуматпараст ҳарбий гуруҳлар аскарлари БМТ гуманитар конвойларидан дори-дармонлар ва болалар озуқаларини олиб қўйиб, уларни ортиқча нарх билан қора бозорда сотмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Сурия ҳукумат кучлари ва ҳукуматпараст кўнгилли аскарлар болалар озуқалари, вакциналар ва акушерлик тўпламларидаги пинцетларни мусодара қилмоқда. Улар педиатрлик тўпламларидан антибиотиклар, ниналар ва докаларни, диализ учун ускуналарни, оилавий гигиена тўпламларини ва куйишга қарши ёрдам кўрсатиш воситаларини олиб қўймоқда», — деди дипломат БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида.
Унинг сўзларига кўра, бу ҳаракатларни оқлаб бўлмайди, аммо уларни тушунтириш мумкин.
«Жазо берилмаслигидан фойдаланиб, Сурия ҳукумат қўшинлари гуманитар ёрдам етказишга халал бермоқда. Тиббий воситалар баланд нархларда қора бозорларда сотилмоқда ёки блокпостларда пора эвазига берилмоқда», — деди Хейли.
У ҳукумат қўшинларини «Сурия халқи азоблари ва ўлимидан фойдаланиб бойлик орттириш»да, Россияни эса ушбу ҳаракатларга тўсқинлик қилмаётганликда айблади.
Изоҳ (0)