Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон билан ҳар томонлама муносабатларни янада чуқурлаштиришга тайёрлигини маълум қилди, деб ёзади «Казинформ».
«Сиз, Нурсултон Абишевич, ўтган йили сентябрда, Самарқандга ташрифингиз чоғида Қозоғистон ва Ўзбекистон доимо бирга бўлиши ҳақидаги гапларни айтган эдингиз. Яхши кунларда хурсандчилигимизни баҳам кўриб, оғир пайтларда бир-биримиз учун қайғурамиз, дегандингиз. Ўтган йили Самарқандда айтган гапларингиз бизни янада яқинлаштирди ва бутун ўзбек халқи ҳақиқий дўст ва қардошнинг елкасини ҳис қилди», — деди Ўзбекистон Президенти давлат раҳбарларининг Оқўрдадаги икки томонлама учрашуви чоғида.
Шавкат Мирзиёев сўнгги беш ой давомида икки мамлакат ўртасидаги алоқалар янгича тус олиб бораётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ушбу қисқа муддатда ҳудудий ҳамкорликка катта эътибор қаратилган. Қозоғистоннинг учта вилояти раҳбарлари Ўзбекистонда бўлиб қайтган, Ўзбекистон ҳудудларининг кўплаб раҳбарлари Қозоғистонга келиб кетган.
«Сиз Биринчи Президент Ислом Абдуғаниевич билан ушбу кўприкни қургансиз, ва бу кўприк мустаҳкамланади. Биз доим Қозоғистонни энг яқин ва энг ишончли қўшни сифатида кўрамиз», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари унинг илк ташрифларидан бири Қозоғистонга амалга оширилгани кўп нарсани билдиришини қўшиб қўйди.
Изоҳ (0)