Италия жанубидаги Лампедуса ороли яқинида 13 август куни 2 та кема чўкиб кетиши оқибатида камида 26 нафар қочқин ва муҳожир ҳалок бўлди. БМТ агентликлари қидирув ишлари давом этаётганини ва бедарак йўқолганлар сони ортиши мумкинлигини билдирмоқда. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Италия Қизил хоч ташкилоти ва БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги (УNHCР) маълумотига кўра, қутқарувчилар 60 кишини сувдан олиб чиққан. Уларнинг 56 нафари эркак, 4 нафари аёл. БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти вакили Флавио Ди Джакомо 2 та кемада жами 95 киши бўлганини билдирган. Қутқарилганлар сонидан келиб чиқиб, тахминан 35 киши бедарак йўқолган ёки ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда.
Reuters’нинг хабар беришича, Италия ҳуқуқ-тартибот идораларига қарашли самолёт Лампедусадан 23 км узоқликда ағдарилган кемани ва сувда сузиб юрган жасадларни аниқлагач, қутқарув ишлари бошланган. Воқеага гувоҳлар муҳожирлар Триполи (Ливия пойтахти)дан эрталаб 2 та кемада йўлга чиққанини айтмоқда. Қайиқлардан бири сувга тўла бошлагач, йўловчилар иккинчи кемага ўтган, бироқ у ҳам тўлқинли денгизда ағдарилиб кетган.
Италия Қизил хоч ташкилоти вакили Кристина Палма омон қолганларнинг аҳволи “қониқарли” эканини, бироқ 4 киши касалхонага ётқизилганини билдирган. Италия бош вазири Жоржия Мелони бошчилигидаги ҳукумат Африка қирғоқларидан бошланадиган ноқонуний денгиз йўлларини тўсишга ва одам савдосига қарши қаттиқ чоралар кўришга ваъда бермоқда.
Юқоридаги ҳодиса Ливия ҳудудидан Европага хавфли Ўрта Ер денгизи орқали йўл олган муҳожирлар иштирокидаги навбатдаги фожеа бўлди. БМТ ва ҳуқуқ ташкилотлари Ливияда қочқин ва муҳожирларга нисбатан қийноқ, зўрлаш ва товламачилик каби мунтазам зўравонликлар қайд этилаётганини таъкидламоқда. Хусусан, февраль ойида Ливия чўлларидан бирида қарийб 50 га яқин жасад топилганди. UNHCR’нинг Италиядаги вакили Филиппо Унгаро йил бошидан бери Ўрта Ер денгизида 675 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.
Изоҳ (0)