Қозоғистон-Ўзбекистон бизнес-форуми чоғида бир миллиард долларлик 75 та шартномани имзолаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Оқўрдада бўлиб ўтган икки томонлама учрашувда маълум қилди, деб ёзади «Казинформ».
«Бугун катта бизнес-форум бўлиб ўтмоқда, икки томондан 500 бизнесмен қатнашмоқда. Менга айтишларича, қарийб бир миллиард долларлик 75 та шартнома тузилади. Бу сўнгги йиллар ичида тарихимизда биринчи марта кузатилмоқда», — деди Назарбоев.
У Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларга Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов даврида пойдевор қўйилганини таъкидлади.
«Биз Сиз билан ушбу анъаналарни қардошлар, яқин мамлакатлар, аҳил қўшнилар сифатида, бир-биримизга ёрдам бериб, юрак ва қучоқларимизни очиб давом эттирамиз», — деди Нурсултон Назарбоев.
Изоҳ (0)