Малайзия ҳукумати КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг 13 февраль, душанба куни Куала-Лумпур халқаро аэропортида вафот этган акаси Ким Чон Намнинг жасадини Шимолий Корея томонига топширади. Бу ҳақда Малайзия бош вазири ўринбосари Аҳмад Зоҳид Ҳамидий маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Жасад КХДР элчихонасига берилади», — деди Ҳамидий. У мурда барча зарур жараёнлар ўтказилганидан кейин дарҳол топширилишини таъкидлади. Малайзия бош вазири ўринбосари сўзларига кўра, Ким Чон Намнинг жасади аллақачон ёриб кўрилган, аммо ўлимининг аниқ сабаби айни пайтда топилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДРнинг Малайзиядаги элчихонаси Ким Чон Намнинг жасади устида қўшимча таҳлиллар ўтказилишига қарши чиққан ва жасад ёриб кўрилганидан сўнг дарҳол топширилишини талаб қилган эди. Аммо Малайзия расмий шахслари бундай сўровни рад этганди.
Изоҳ (0)