Туркманистон Марказий сайлов комиссияси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг таклифига биноан жорий йилнинг 10—13 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси, Қорақалпоғистон Адлия вазири Ж.Садиков ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси И.Абдуллаев таркибидаги Ўзбекистон делегацияси 2017 йил 12 февраль куни бўлиб ўтган Туркманистон Президенти сайловининг халқаро кузатувида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати маълум қилди.
Сайлов Туркманистон Конституцияси ва сайлов кодексига, шунингдек бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ўтказилди.
Сайлов жараёнини 3 223 нафар маҳаллий кузатувчи ҳамда хорижий давлатлар, БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ, ЕХҲТ ДИИҲБ каби халқаро ташкилотлардан 151 нафар кузатувчи кузатиб борди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Ашхобод ва Дашогуз (аввалги Тошҳовуз) вилоятларидаги 32 та сайлов участкасининг очилиши, овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларини кузатиб борди.
Туркманистон Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, сайловчилар рўйхатига 3 228 866 нафар, шу жумладан, биринчи маротаба овоз берувчи 71 685 нафар сайловчи киритилди. Овоз беришда 3 140 865 сайловчи, яъни сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 97,27 фоизи иштирок этди.
Туркманистон Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига асосан овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 97,69 фоизи амалдаги давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни ёқлаб овоз берди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)