«Мотор» нашри йўл-транспорт ҳодисаси сабабли увол бўлган такрорланмас суперкарлар ҳақида маълумот бериб, уларнинг аянчли суратларини тақдим қилди.
Pagani Zonda ZoZo
Нархи: 1 миллион евродан ортиқ
Zozotown бренди асосчиси япониялик Юсаку Маэзава буюртмасига асосан ишлаб чиқарилган мазкур машина 2015 йили ишлаб чиқарилган.
Аммо 2016 йилнинг декабрь ойида антиқа автомобиль Токиода йўл-транспорт ҳодисасига учради. Авария жиддий бўлмаса ҳам, машинанинг олд қисми яхшигина шикастланган. Энг қизиғи, ЙТҲнинг иккинчи иштирокчиси – қимматбаҳо Maybach 62S бўлганди.
Koenigsegg CCХ Custom Vision
Нархи: 1,35 миллион доллар
Швецияда ишлаб чиқарилган такрорланмас гиперкар аввал Техасда 1,35 миллион долларга сотиб олинган, кейин эса Мексикага бориб қолган.
Автомобиль Техасдан олиб келинган куннинг эртаси куни Мехикода йўл-транспорт ҳодисасига учради. Йўлни ажратиб турувчи тўсиққа урилган машина бир неча марта ағдарилиб, бўлакларга ажралиб кетган. Унинг ичида бўлган йўловчилар деярли жароҳат олмаган.
Pagani Huayra Pearl
Нархи: 1,4 миллион евро
Ягона нусхада Италияда ишлаб чиқарилган Pagani Huayra олти цилиндрли V12 мотор билан жиҳозланган. Машина қарийб 800 от кучига эга. Унинг антиқалиги – кузовнинг ўзгача ранги, Zonda S модели сингари иккитали спойлер ҳамда томдаги ҳаво ўтказгич панжара.
2016 йилнинг ёзида ушбу автомобиль ҳайдовчиси Париж кўчаларидан бирида бошқарувни йўқотиб, орқа ғилдираги билан бошқа бир машинага урилди. Натижада Pagani Huayra Pearl’нинг орқа қисми жиддий зарар кўрди.
Ferrari FXX
Нархи: 1,5 миллион евродан бошланади
Треклар учун мўлжалланган Ferrari FХХ – ноёб машиналардан бири. Ушбу модель атиги 30 нусхада ишлаб чиқарилган.
Мазкур автомобиллардан бири Италиянинг Монса трассасидан чиқиб кетиб, йўлни ажратиб турувчи тўсиққа бориб урилган.
Pagani Huayra La Monza Liza
Нархи: 1,4 миллион евро
Майамилик коллекционер Крис Сайн буюртмасига асосан ишлаб чиқарилган Huayra’нинг яна бир махсус версияси.
Машина Майамида Hyundai Sonata иштирокида ЙТҲга учраган. Бир неча ракурсдан автомобиль шикастланмаганга ўхшайди, аммо унинг орқа ғилдираги узилиб тушган. Pagani Huayra La Monza Liza’нинг қайта тикланишига умид бор.
Ferrari LaFerrari
Нархи: 1,3 миллион евродан ортиқ
Ferrari томонидан «Формула-1» асосида ишлаб чиқарилган гиперкар – LaFerrari. Машина 800 от кучига тенг 12 цилиндрли мотор билан жиҳозланган. LaFerrari’нинг 499 та нусхаси бор.
2016 йилнинг ёзида LaFerrari ресторан олдидан тош устига чиқиб кетди. Бу қандай рўй берганини ҳатто машина эгаси ҳам билмади.
Brabus G63 AMG 6x6
Нархи: 700 минг евро
Mercedes-Benz Brabus G63 AMG пикапи чегараланган тиражда ишлаб чиқарилган. Унинг дунё бўйлаб 100 та нусхаси бор.
Мана шундай машиналардан бири Москва яқинидаги тўғри йўллардан бирида ағдарилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)