Toyota компанияси Лас-Вегасдаги CES электроника истеъмолчилари кўргазмасига сунъий интеллектга эга автомобиль концептини олиб келди, деб хабар бермоқда Motor.
Concept-i прототипи ҳайдовчисиз бошқарилиш қобилиятига эга. Шунингдек, ақлли машина ҳайдовчи ва йўловчиларга қулай тарзда созланади.
Yui номли тизим сунъий идрокни бирлаштириб, деярли бутун автомобилни бошқаришга ёрдам беради. Масалан, Yui ҳайдовчини эслаб қолиб, унинг созламаларини унга мос тарзда ўзгартиради ва одатий йўл навигациясини кўрсатади. Тизим таркибига, шунингдек, ҳайдовчининг юзи ва овоз тембрига қараб кайфиятини аниқлаш технологияси киритилган.
Машина салони ичидаги одамлар билан мулоқот овозли хабарлар, олд ойна қисмидаги дисплей ва автомобилга тегиниш орқали амалга оширилади.
Бундан ташқари, Yui машинанинг турли хавфсизлик тизимларини назорат қилади ва авариявий ҳолатда автоном бошқарув тизимини автоматик тарзда ёқа олади.
Toyota Concept-i атрофдаги автомобиль ва ҳайдовчилар билан ҳам «мулоқот» қила олади. Жумладан, машина ташқарисидаги чироқли индикаторлар автомобиль ҳайдовчи томонидан ёки ҳайдовчисиз ҳайдаш тизимида бошқарилаётганини маълум қилади. Концептнинг орқа қисмидаги дисплейда ёзувли хабарлар пайдо бўлади.
Concept-i’нинг ‘эшиклари дизайни билан Toyota’нинг Калифорниядаги маркази шуғулланган. Сунъий интеллект эса Toyota’нинг Сан-Францискодаги Innovation Hub бўлими томонидан ишлаб чиқилган. Мазкур концептнинг характеристикалари ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)