3 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Япония парламенти Маслаҳатчилар палатаси депутати, Ўзбекистондаги собиқ элчи Кёко Накаяма, парламент қуйи палатаси депутати Ҳажиме Сасаки, «Ниппон Будокан» спорт федерациялари ассоциацияси ижрочи раиси, собиқ депутат ва таълим, маданият, спорт, илм-фан ва технологиялар вазири, Нариаки Накаямадан иборат делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Япония делегацияси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан 4 декабрда бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари Президент сайловида халқаро кузатувчи сифатида қатнашиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган.
ТИВда бўлиб ўтган мулоқот давомида Ўзбекистон–Япония муносабатлари кун тартибининг айрим масалалари, жумладан, икки томонлама ҳамкорлик ҳуқуқий асосининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Япония элчиси Нобуаки Ито иштирок этди.