Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш учун Ўзбекистонга келган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари жойларда ташкил этилаётган учрашувлар доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзолари З. Умаров ва Ф. Эшматованинг Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси (қуйи палата) депутатлари Ф. Каратаев ва К. Ержан билан мулоқоти бўлиб ўтди.
— Қўшни давлат сифатида халқларимиз ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилгани бизга мамнуният бағишлайди. Келишимиздан аввалроқ Олмаотада ташкил этилган сайлов участкасида бўлдик. У ерда ҳам сайловга қизғин тайёргарлик кўрилган, — дейди Фахриддин Каратаев. — Қозоғистонда ҳам ушбу сайловни интизорлик билан кутаётганлар бор. Чунки, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг келажаги қўшни давлатлар учун катта аҳамиятга эга. Шундай экан, бу икки халқни бир-биридан ҳеч қачон ажратиб бўлмайди.
Сайловнинг демократик тамойилларга мос ўтаётгани жуда қувончли. Президентликка кўрсатилган номзодларга сайловолди ташвиқотини олиб боришлари, ўз дастурларини илгари суришлари учун тенг шарт-шароит яратилганига гувоҳ бўлдик.
Телевидение орқали мамлакатингиз чекка ҳудудларидаги сайловолди учрашувларида жонли мулоқотлар қизғин ўтказилганини кўрдик. Бу, албатта, аҳолини, айниқса, хотин-қизлар ва биринчи марта овоз бераётган ёшларни кенг қамраб олишда муҳим ўрин тутади.
Биз Тошкент ва Самарқанд вилоятлари, умуман айтганда кўпроқ ҳудудларда бўлиб, у ердаги сайлов участкалари фаолияти билан танишмоқчимиз.
Сайловдан кейин Ўзбекистоннинг нуфузи янада ортиши, парламентлараро, халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатлари мустакамланишига ишонамиз.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)