Таиландда 13 октябрь куни вафот этган қирол Пхумипон Адульядетга тутилаётган мотам муносабати билан кўнгилочар тадбирлар ва байрамларга қўйилган тақиқ 14 ноябрь куни бекор қилинади. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати сайтида маълум қилинди, деб хабар беради «Интерфакс».
Шу кундан бошлаб миллий ва минтақавий фестиваллар, ярмаркалар, маданий тадбирлар ва танловлар, кечалар, концертлар, спорт мусобақалари ўтказишга рухсат берилади, тунги клублар, паб ва барлар ишлай бошлайди. Телекомпаниялар ва радиостанциялар кўнгилочар дастурларини тиклаши мумкин, бироқ ҳукумат улар билан мазкур дастурларнинг мазмуни борасида ҳамкорлик қилиш ниятида.
Жамоатчилик ва сайёҳлар ўз билганича кийиниши мумкин, бироқ мансабдор шахсларга бир йил мобайнида мотам тутиш тавсия этилган.
Изоҳ (0)