Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли атмосферасининг ифлосланиш даражаси охирги 17 йил мобайнидаги энг юқори кўрсаткични ташкил этди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Шаҳарда 4 ноябрь, жумадан бошлаб салкам 1800 мактаб ёпилди, олий ўқув юртларининг кўплаб талабалари машғулотларга бормай қўйди. Офис ходимлари тиббий рухсатномаларни қўлга киритиб, шаҳарни тарк этмоқда. Хусусан, астма, сурункали касалликлардан азият чекаётганлар ва кексаларга қийин бўлмоқда. NDTV телеканалига кўра, мактаблар камида уч кун давомида берк бўлади.
Пойтахт расмийлари юзага келган вазиятни 30 октябрда нишонланган Дивали байрами билан боғламоқда. Байрам кечасида Нью-Деҳли ва унинг атрофида ўн минглаб мушаклар отилган, шаҳар тутун ва қурум билан қопланган. Шунингдек, Харьяна ва Панжоб штатларида ҳосилдан бўшаган майдонларга ўт қўйилиши пойтахт ҳавоси ифлосланиши ва смог ҳосил бўлишига олиб келмоқда.
Изоҳ (0)