Словакия Республикаси пойтахти Братиславада ташкил этилган брифингда Ўзбекистонда давом этаётган сайлов кампаниясига доир маълумотлар берилди. Бу ҳақда «Дарё»га ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Брифингга, биринчи галда, Словакия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, шунингдек, Словакия ТИВ вакиллари, Словакия савдо ва инвестицияларни ривожлантириш агентлиги ходимлари, мамлакат академик ва ишбилармон доиралари намояндалари таклиф этилди.
Иштирокчиларга Ўзбекистон Президенти сайловини ташкил этиш жараёни, сайловчилар учун яратилган шароитлар, мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш имконияти ҳақида маълумот берди.
Сайловчиларнинг умумий сони 21435000 кишини ташкил этгани таъкидланди.
Бундан ташқари, жами 9378 сайлов участкаси ташкил этилгани, шулардан 44 таси Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналарида эканлиги айтилди. Сайлов участкалари барча зарур алоқа воситалари, компьютерлар ва техника билан, шунингдек, ҳуқуқий адабиёт билан таъминланган. Махсус ажратилган жойларда яширин овоз бериш учун кабиналар, сайлов қутилари, оналар ва болалар хоналари, тиббиёт кабинетлари ўрнатилган.
Тадбир давомида иштирокчилар давлат ҳокимиятини демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини қуриш бўйича ислоҳотларнинг бориши ҳақида, шунингдек, «Она ва бола йили» доирасида олиб борилаётган ижтимоий тадбирлар ҳақида маълумотга эга бўлди.
Брифинг конструктив мулоқот ва фикр алмашиш руҳида кечди.
Изоҳ (0)