28 октябрь куни Сингапур менежментни ривожлантириш институтида (MDIS) бўлиб ўтган давра суҳбати шу йилнинг 4 декабрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Президенти сайловига алоқадор масалаларга бағишланди. Бу ҳақда «Дарё»га ТИВ хабар берди.
Тадбирга Сингапурда таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, институт раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчилари таклиф этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар сайлов кампаниясининг бориш жараёни, сиёсий партиялар, улар илгари сурган номзодлар ҳақида маълумотга эга бўлди, шунингдек, уларга «Ўзбекистон Республикаси сайловлари тўғрисида»ги ҳамда «Фуқароларнинг овоз бериш ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги қонунларнинг асосий ҳолатлари тушунтириб берилди.
Сайловчиларнинг умумий сони 21435000 кишини ташкил этгани таъкидланди. Сингапурдаги Ўзбекистон фуқаролари шу ердаги Ўзбекистон элчихонасида ташкил этилган сайлов участкасида 4 декабрь куни овоз бериши мумкинлиги алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, жами 9378 сайлов участкаси ташкил этилгани, шулардан 44 таси Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналарида эканлиги айтилди. Сайлов участкалари барча зарур алоқа воситалари, компьютерлар ва техника билан, шунингдек, ҳуқуқий адабиёт билан таъминланган. Махсус ажратилган жойларда яширин овоз бериш учун кабиналар, сайлов қутилари, оналар ва болалар хоналари, тиббиёт кабинетлари ўрнатилган.
Давра суҳбати иштирокчилари тадбир ташкилотчиларига Ўзбекистон Президенти сайлови тўғрисида тақдим этилган батафсил маълумот учун миннатдорлик билдирди.
Олий ўқув юрти бош котиби Р. Тейвендран халқаро кузатувчи сифатида сайловларда иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришни сабрсизлик билан кутаётганини тан олди. У 2015 йил мартидаги сайлов чоғида номзодлар учун тенг имкониятлар яратилгани, қонунларга риоя этилиш даражаси ҳамда аҳолининг фаол фуқаролик позициясига гувоҳ бўлганини айтди.
Тадбир якунига кўра савол-жавоблар сессияси бўлиб ўтди, унда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Изоҳ (0)