Mercedes-Benz компанияси ўзининг илк ўрта ҳажмли пикапини намойиш этди. Моделга X-Class номи берилган. Motor хабарига кўра, тақдимот Швециядаги махсус тадбирда бўлиб ўтган.
Моделнинг бир қисм узеллари ва агрегатлари Nissan Navara’ники билан ўхшаш.
Автомобилнинг энг қиммат модификацияси V6 дизел двигатель ва 4Matic доимий олд узатма тизими билан билан таъминланади.
Mercedes-Benz’нинг биринчи пикапига тахминан 1,1 тоннагача юк ортиш мумкин, у 3,5 тонна юк ортилган тиркамани торта олиши айтилмоқда.
Mercedes-Benz X-Class’да SIM-карта билан интеграция қилинган мультимедиа тизими, автомобиль ҳолатини смартфондаги мобил дастур орқали масофадан кузатиш имконини берувчи тизим, шунингдек, камералар, радарлар ва ультратовушли датчиклар ёрдамида ишлайдиган кўплаб хавфсизлик тизимлари билан таъминланади.
Mercedes-Benz ўз пикапининг икки версиясини намойиш этди. Бири Stylish Explorer бўлса, иккинчиси Powerful Adventurer.
Биринчиси оқ рангда бўлиб, 22 дюймли ғилдираклар, ҳақиқий чармдан ишланган ўриндиқлар ва интерьерида эмандан тайёрланган безаклар билан таъминланган.
Powerful Adventurer эса йўлтанламас шиналар, кузовнинг остки қисми ҳимояси ва бошқалар билан тўлдирилган. У сарғиш-яшил рангга бўялади.
Mercedes-Benz X-Class’нинг сериялаб ишлаб чиқариладиган версияси 2017 йилда бозорга чиқарилиши кутилмоқда.
Модель Барселонадаги Nissan заводида ишлаб чиқарилади. Жанубий Америка мамлакатлари учун бу моделни Аргентинадаги Renault корхонаси ишлаб чиқаради.
X-Class биринчи галда Бразилия, Аргентина, Австралия, Жанубий Африка Республикаси ва Европа бозори учун мўлжалланган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)